Vaqt.uz: янги сўз, янги нафас ва янги масъулият

Мағфират Жуманова: Зиёли инсонлар давраси ҳам завқ беради, ҳам тонусда ушлаб туради. Завқ бериши — доим ҳам учратиб бўлмас соғлом ва маъноли фикр-у мулоҳазалар билан озиқланади шуурингиз. Тонусда ушлаши эса — ҳали кўп ўрганиш, изланиш ва ўсишингиз лозимлигини яққол ҳис этасиз.

Кечаги Vaqt.uz платформаси тақдимоти ана шундай руҳда ўтди, маънавий озуқага, янги ғоя ва илҳомга бой тадбир бўлди. Суҳбатлар жараёнида ўзбек журналистикасининг илғор вакиллари, сиёсат, иқтисод ҳамда медиа оламининг таниқли шахслари сўзга чиқиб, ўз қараш ва мулоҳазаларини баён этдилар. Ҳар бир чиқишда ҳалоллик, самимият ва соф ният уфуриб турарди.

Аяб ўтириш бўлмади. Иқтисодчи эксперт – Отабек Бакиров – ўзини иқтисодий сайт деб атаётган ушбу платформага қарата шундай деди: “Ҳар қандай янги маҳсулот оммага тақдим этилгач, унинг биринчи истеъмолчилари маҳсулот ишлаб чиқарувчининг дўстлари ёки қариндош-уруғлари бўлади. Мен дўстлар қаторига кираман”, — деди Бакиров ва сўзини давом эттирди: “Vaqt.uz’ни очилгандан бери кузатиб келяпман. Ҳозирча иқтисодий сайт дея айта олмайман, аммо редакция тўғри йўналишни танлаган”.

“Америка Овози” телерадиосининг ўзбек журналисти – Навбаҳор Имомова – бугунги кунда кўплаб журналистлар ёдидан чиқараётган, аммо журналистиканинг асоси ҳисобланмиш тўртта олтин қоидага риоя қилишни янги платформа ижодкорларига тилаб қолди.

Тақдимотга Брюселдан онлайн қўшилган Азиза Қурбонова ва Гулноза Хусанова эса Euronews телеканалининг марказий биноси ёнидан мурожаат қилиб, “Vaqt.uz’га Euronews каби нуфуз ва халқаро майдонда тан олинишни тилаймиз”, — деб самимий табрик сўзларини йўлладилар.

Тадбир ниҳоясида иштирокчиларнинг барчаси бир фикрда якдил бўлди: Vaqt.uz — бу янги сўз, янги нафас ва янги масъулият.

 

Мағфират Жуманова

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *